Untitled Document

Яқин тарих... Усмон Носирнинг тақдири (1)

Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидованинг 2004 йилги хотираларидан:

“...1937 йил 12 июлда бўлиб ўтган Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси йиғилишида Усмон Носирнинг иши кўриб чиқилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларидан бири, ёзувчи Ҳамид Олимжон мажлис бошланишидан аввал Усмонни қўлтиқлаб, йиғилишда ўзини қандай тутиш ҳақида маслаҳат берди:

- Ҳозир сени миллатчиликда, уюшган гуруҳ тузишда айблаймиз, лекин сен жим тургин, айбингни тан ол, кечирим сўра ва биз кечирамиз...

Ëши Усмондан унчалик катта бўлмаса-да, Ҳамид Олимжон уюшмада катта обрўга эга эди, Шарқда эса катталарнинг маслаҳатига қулоқ тутиш анъанаси бор. Шу одамга ишонган Усмон худди шундай йўл тутди.

Йиғилишда Усмонга миллатчилик қўзғатиш, русофобия, пессимистик руҳдаги шеърлар билан ёшларни йўлдан уриш каби айбларни қўйишди. Бирваракайига Бухарин ҳақида аввал айтган гапларини ҳам ёдга олишди. Усмон бу вақт индамай бошини эгиб ўтирди, унга сўз беришганда эса Ҳамиднинг маслаҳатига амал қилган ҳолда айбига иқрор бўлди. Ҳақиқатан ҳам айтилган хатоларга йўл қўйгани ва ўртоқлари бераётган маслаҳатларга амал қилган тарзда хатоларини тузатишга ваъда берди. Усмондан сўнг дарҳол Ҳамид Олимжон сўзга чиқди:

– Кўрдингларми, у ҳамма нарсани тан оляпти! Бундайларга орамизда жой йўқ!

Ва зудлик билан Усмонни уюшмадан ҳайдашни таклиф қилди. Ҳамиднинг пасткашлигини тушуниб етган Усмон қайта сўз олади ва айбловлар адолатсиз эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилади, лекин кеч бўлганди...

(давоми эртага)